Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг тавсияларига биноан долзарб ижтимоий–иқтисодий муаммоларни муҳокама қилиш учун касаба уюшмалари фаоллари, шаҳар, туман ҳокимликлари ҳамда ҳамкор ташкилот ва идоралар вакиллари билан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусидаги Давра суҳбатлари жорий йилнинг 20 ноябридан 22 ноябригача Қарши шаҳри ва туманларда, якуний босқичи вилоят бўйича 27 ноябрь куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида вилоят ҳокимлиги, Марказий банк вилоят Бош бошқармаси, вилоят молия, адлия, бандлик , халқ таълими, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш, солиқ, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармалари, вилоят прокуратураси, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” ҳайрия жамоат Фонди вилоят бўлими, вилоят истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг ҳудудий бирлашмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари, тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашларининг вилоятдаги масъул ташкилотчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Э.Ражабов кириш сўзи билан очди .
Мамлакатимизда меҳнат соҳасининг барча йўналишларида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ишчи кучига бўлган эҳтиёжни рағбатлантириш, барқарор иш ўринлари яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш бўйича Ҳукумат даражасида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Касаначилик, ҳунармандчилик, шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 76,6 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Республикамизда меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати амалга ошириш учун муносиб меҳнат тамойиллари юзасидан давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқатни йўлга қўйишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув мазкур йўналишлардаги ишларнинг самарадорлигини таъминлаб беришга хизмат қилаётганлигини манмуният билан таъкидлаб ўтиш лозимдир.
Бугунги Давра суҳбатимиздан асосий мақсад ишчи-хизматчилар томонидан кўтарилган ижтимоий-меҳнат соҳасига оид муаммолар ечимини топиш ҳамда мамлакатимизда Юртбошимиз раҳномалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини тарғиб қилишни янада кучайтириш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирларни белгилаб олишдир.
Вилоятдаги корхона, ташкилот, муассасалар ва тадбиркорлик субъектларида бугунги кунда 23500 дан ошиқ жамоа шартномалари қабул қилинган. Мазкур жамоа шартномалари орқали корхоналарда ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид ҳуқуқ ва манфаатлари тартибга солинган.
Жойларда имзоланган жамоа шартномалари ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур банд ва бўлимлар билан бойитиш, бу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада, ходимлар иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасидаги ижтимоий шериклик асосида яратиб берилаётган кўплаб имтиёз ва кафолатлардан фойдаланиб келмоқда.
Жамоа шартномаларида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этишда, қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ имтиёзларни ўрнатиш тартибини белгилашга, ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатишга, тармоқ корхоналари хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар келтирилган. Шунингдек, ижтимоий кафолатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан фарзандларини соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган.
Қатор корхоналарда тузилган жамоа шартномаси ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадларини юксалтиришнинг амалий воситасига айланди.
Чунончи, кўплаб корхоналарда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткаларининг разряд коэффициентларини кўтариш кўзда тутилган бўлиб, бу орқали жамоа-шартномавий муносабатлар ва тармоқ тариф сеткалари асосида ходимларга оширилган базавий тариф ставкаларда иш ҳақлари ҳисобланиб, тўланиб келинаяпти.
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни ҳаётга тадбиқ этиш юзасидан республикамизда солиқ сиёсатини такомиллаштиришга йўналтирилган иш мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш, унинг янада фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонига биноан 2019 йил 1 январдан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилади. Шунингдек, айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тариби сақлаб қолинади.
Давра суҳбатининг кун тартиби киритилган масалалар бўйича қўйидаги маърузалар тингланди. Жумладан, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” дастурининг худудда бажарилишининг даслабки натижалари ҳақида” вилоят ҳокими 1-ўринбосари котибиятининг тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш гуруҳи раҳбари – С.Содиқов, Аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш масалалари тўғрисида вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи – А.Қодиров, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари тўғрисида вилоят молия бошқармаси бўлим бошлиғи – С.Ғаффоров Касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида тузилган минтақавий келишувнинг бажарилишини даслабки натижалари тўғрисида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлим мудири -А.Тўраевлар маъруза қилишди. Шундан сўнг вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар билан ходимларнинг вакиллик органи ҳисобланган касаба уюшмаси ташкилотлари ўртасида тузилган жамоа шартномаларининг бажарилишини муҳокама қилиш жараёнида ҳамда жорий йилнинг 20-22 ноябрь кунлари Қарши шаҳри ва туманларда “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида ўтказилган Давра суҳбатларида кўтарилган долзарб муаммолар ечимларини топиш мақсадида савол-жавобларга ўтилди.